Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай қироат қилганлар?
@quranuz_kanaliУмму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қироат қилганларида оятларни ажратиб-ажратиб ўқирдилар».
Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилган.
Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қироаталарини оят-оят қилиб ажратардилар: «Алҳамду лиллаҳи Роббил-ъаламин» деб, сўнг вақф қилардилар, «Арроҳманир-Роҳим» деб, сўнг вақф қилардилар».
Термизий, Ҳоким ривоят қилган.
Яъло ибн Мамлакдан ривоят қилинади:
«У Умму Салама розияллоҳу анҳодан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозлари ҳақида сўради. Шунда у киши: «Сизлар қаёқдаю, у зотнинг намозлари қаёқда?! У зот намоз ўқир, сўнг намоз ўқиганчалк ухлар, сўнг ухлаганларича намоз ўқир, сўнг намоз ўқиганларича ухлар эдилар. То тонгача шундай бўлар эди», деди-да, у зотнинг қироатларини мақтай кетди. У зотнинг қироатларини мақтай туриб: «Ҳарфма-ҳарф, аниқ-аниқ ўқирдилар», деди».
Абу Довуд, Термизий ва Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган.
Қатодадан ривоят қилинади:
«Анасдан: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қироатлари қандай эди?» деб сўралди. Шунда у: «Чўзиқ эди», деди-да, кейин «Бисмиллаҳир-Роҳманир-Роҳим»ни «Бисмиллаҳ»ни чўзиб, «Ар-Роҳман»ни чўзиб, «Ар-Роҳим»ни чўзиб ўқиб берди». Яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мад – чўзиқ унли бор ўринларда мадни аниқ чўзиб ўқир эдилар.
Имом Бухорий ривоят қилган.
Абдуллоҳ ибн Абу Қайсдан ривоят қилинади:
«Мен Оиша розияллоҳу анҳодан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қироатлари ҳақида: «У зот қироатни ичларида қилармидилар ёки жаҳрий (ошкора) қилармидилар?» деб сўрадим. У: «Ҳар қайсисини ҳам қилардилар. У зот (қироатни) гоҳида ичларида, гоҳида ошкора қилардилар», деди».
Муттафақун алайҳ.
(Давоми бор…)
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
Quran.uz канали